MENU

14:31:39
1500 so'm

Кўчада баҳор, а? Кўнглимизда ҳам баҳорми? Шунақа бўлса керак, ахир бирваракайига 3 та клубимиз арабларни қақшатиб келишди-ку. Энди мана навбатдаги рақиб ҳам араблар. Эртага "Пахтакор” марказий стадионида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси бизникиларга қарши майдонга тушишади. Ўйиндан олдин у қадар катта ажиотаж сезилмаяпти. Одамлар орасида шов-шув йўқ. "Австралия келарканми?”, "Япония билан ўйинга билет олдингми?”, каби гаплар қулоққа чалинмайди. Чунки рақиб ҳам жуда машҳур эмас, боз устига гуруҳдаги вазият ойдинлашиб бўлган. 

Лекин умидимиз бор, футболга чанқоқ мухлислар стадионни тўлдиришади. Агар стадион тўлмаса, хавотирланиш керак...

Кеча сайтимизда терма жамоа фан-клуби ҳақида бир эмас, иккита хабар чиқди. Биринчисида фан-ҳаракат йиғилиб, тайёргарлик кўраётгани ҳақида сўз юритилган бўлса, иккинчисида мухлислар танқид қилинди. Иккинчи хабарга ҳайрон қолдим. Ўзим шу сайтда администратор бўлсамда, бундайин аноним мақола ёзишни ўзимга эп кўрмаган, уни сайтга жойлаштирмаган бўлардим. Ўша мақолачада фан-клуб аъзолари фаол эмасликлари, билет олишга кам одам келаётгани ёзилиб, ватанга бўлган муҳаббат ҳеч қандай пул билан ўлчанмаслиги тараннум этилган (кечаги кун хабарларида ўқиб олишингиз мумкин).

БАА билан ўйиндан бошлаб ЎФФ фан-клуб аъзолари учун билетларни энди текинга эмас, ярим нархига берадиган бўлибди. Яхши. Айтишларича, бутун Европада шунақа. Билетни нархини қаранг – 3000 сўм. Ярим нархи эса 1500 сўм. Тағин қоқ марказий сектор. Энг қулай жой. Хўш, нима учун фан-клуб шунчалар пассив? Ўзи қачон охирги марта қойил қилиб мухлислик қилган? Ўзи терма жамоа фан-клубида нечта аъзо бор? Бир қарасанг Япония билан ўйинга 2000-3000 фанат келади, бир қарасанг Малайзия билан ўйинда 50 та одам ўтиради фан-клубдан. Бунга сабаб нима?

Ўша муаллифи йўқ аноним мақолада фанатлар пуллик бўлгани учун чипталарни олишмаётганидан зорланиб, айб уларга ағдарилган. Гўё ватанпарвар эмас улар. Фақат текини бўлса келадиган текинтомоқ. Шунақа маъно келиб чиқяпти, ўқиб кўринг. Охирида "Ватан учун” деган маънода кўксига уриб қўйган ўша маддоҳ аноним муаллиф. Узр, нотаниш муаллиф, ватанга муҳаббат бунақа нолиш ёки мақтаниш билан ўлчанмайди. Бунақа эскича гаплар ўтмишда қолган. Ҳозир баландпарвоз гаплардан кечиб, дангалига ўтилаётган пайт. Сиз ўша мухлисларни айбдор қиляпсизми? Кечирасиз, мухлис қўлидан келганича ишқибозлик қилиб келди шу пайтгача. Ҳа, гуруч курмаксиз эмас, уларда ҳам айб бор, уларни ичида ҳам текинтомоқлари, псевдофанатлари бордир. Лекин биргина мақола билан айбни мутлоқ мухлислардан излаш яхши эмас. Халқимиз яратиб кетган "Қарс икки қўлдан...” мақолининг нақадар тўғрилигини ҳар жабҳада кўрамиз. Нимага фан-клубда одам кам? Нима учун билетлар сотилмаяпти? Фақат пулли бўлгани учунми? Нима, мухлиснинг 1500 сўми йўқми чипта олишга? Узр, ишонмайман. Ишонишмайди. Бошқа сабаблар бордир, а, балки? Чунки биргина сабаб бўлмайди бирор ишда. Сабаблар бўлади. Сабабчилар бўлади. Айтдик-ку, қарс икки қўлдан, деб.

Ким билади сабабларни, ўртоқлар? Ким билади, фанатлар? Балки терма жамоамизнинг ўйинларидан кўнглингиз совигандир? Балки сизга бўлган муносабатдан? Яна нима? Ким қандай фикрда? Фан-клубни ривожлантириш учун нималар қилиш керак? Барча яхши фикрларингиз бош устига. Пастдаги комментарийлар саҳнаси сиз учун очиқ. Ким ўша фан-ҳаракат аъзоси бўлса, нима учун фан-клубга шунча кам одам келаётгани ҳақида ўз фикрлари бўлса, марҳамат, ёзинг. Имкон топсангиз бизнинг электрон манзилимизга ёзинг. Миллат жамоасининг мухлисларини дардини бир эшитайлик ва якунда айнан шу сайтда чоп этайлик. Почта манзили info@uff.uz. Ана шунда сизни ўқишлари, эшитишлари мумкин. Кўча-кўйда норози оҳангда ғинғиллаб юргандан кўра самаралироқ бўлади бу. Зора фикрларингиз федерациядаги масъулларга, фан-ҳаракатга масъул бўлганларга, ва ниҳоят, майдонга тушиб тўп тепадиган ва натижа ва миллат қувончи учун масъул бўлган йигитларга етиб борса.

Бобур Акмалов

Манба: www.uff.uz
Категория: FUTBOL | Просмотров: 1024 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]