MENU

22:02:29
ОЧЛ-2009. 4-ТУР, ИККИНЧИ КУН. САРАГИ — САРАККА, ПУЧАГИ — ПУЧАККА!

 

Kеча бўлиб ўтган Осиё чемпионлар лигасининг 4-тури доирасидаги қолган гуруҳдаги учрашувларда биз кутган ва кутмаган натижалар қайд этилди. Кутганимиз — «Пахтакор»нинг ишончли ғалабаси ва кун якунига кўра, кейинги босқичга йўл олган икки япон клуби қаторига бориб қўшилганидир. («Пахтакор» 1/8 финал масаласини амалда ҳал қилди, нечанчи ўринни эгаллаб чиқши эса қолган икки учрашув натижаларига кўра ойдинлашади). Энди ҳаммаси ҳақида бир бошидан...

«А» ГУРУҲИ: АЙЁР ЁСИР АЛ-ҚАҲТОНИЙ «ПАХТАКОР»НИ КУТМОҚДА

«Пахтакор»нинг иродали ғалабаси хусусида пастдаги мақолада ёритилгани боис, кўпам тўхталиб ўтирмаймиз. Фақат олдинга ўтиб шуни маълум қиламизки, 10 очко тўплаган пахтакорчилар 6 май куни Тошкентда гуруҳдан чиқиш учун курашдан «шараф» билан чиқиб кетган Дубайнинг «Ал-Аҳли» клубини қабул қилади. Ўша куни Қумда «Ал-Ҳилол» «Сабаб» меҳмони бўлади. Агар «Ал-Ҳилол» ўша ўйинда қоқиладиган бўлса ва амирлик футболчилари «Пахтакор»га яна ютқазадиган бўлса, «Пахтакор» муҳим учрашув олдидан 1-ўринни нақд қилади. Агар ҳар икки ўйинда фаворитлар ғалаба қозонса, гуруҳдан чиққан жамоларнинг тартиби Ар-Риёддаги ўйинда ҳал бўлади. Бу «Пахтакор»нинг кейинги имкониятлари ҳақида эди. Эндимбугун бўлиб ўтган «Ал-Аҳли»-«Ал-Ҳилол» учрашуви ҳақида батафсилроқ...

Ўйиннинг 4-дақиқасидаёқ мезбонлар ҳисобни очишди. «Ал-Ҳилол» дарвозабони Муҳаммад ад-Деайа ажрима майдонининг сўнгги чизиғи ёнидан тўпни ўйинга киритди. Тўп тўппа-тўғри «Ал-Аҳли» ҳимоячиси Муҳаммад Қосимнинг оёғи остига келиб тушди. У тўпни тўхтатмасдан 55 метрлардан зарба берди. Деайя ҳали ўз постини эгаллаб улгурмаганди... Бу бутун ОЧЛ турниридаги энг чиройли гол бўлса ажабмас! «Пахтакор» учун ажойиб бир вазият юзага келаётганди. Лекин майдоннинг ҳар қаричида «Ал-Ҳилол»нинг устунлиги сезилиб турарди. Кўп ўтмасдан бу ҳол ҳисобда ҳам акс эта бошлади. 32-дақиқада Тариқ ат-Тойиб жуда ўткир бурчак остида тўпни қабул қилиб олганига қарамасдан ҳисобни тенглаштира олди — 1:1. Бу ҳисоб ҳам юртимиз шаънини ҳимоя қилаётган шонли клубни қаноатлантирарди. Жамоалар, тўғрироғи «Ал-Аҳли» танаффусга шу ҳисобни ушлаб чиқиб кетди. Чунки «Ал-Ҳилол»нинг рақиб майдони сари ҳар юриши тобора хавфли тус олаётганди.

Иккинчи бўлимда «Ал-Ҳилол» пенальтидан ҳисобда олдинга чиқиб олди — 1:2. Бу Ар-Риёдда бўлиб ўтган ўйиннинг ўзгинаси эди. Ўшанда ҳам дубайликлар дастлаб ҳисобни очишган, кейин саудияликлар аввал ҳисобни тенглаштириб, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг учинчиси ўтиб бораётганда Ёсир ал-Қаҳтоний пенальти ишлаганди. Ўша Ёсир ал-Қаҳтоний 65-дақиқада жуда чиройли тарзда учинчи голни киритди — 1:3.

Орадан икки дақиқа ўтар ўтмас у дублга эришиш имкониятини йўққа чиқарди. Вильхелмссон 25 метрлардан берган зарбадан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб тўғри Ёсирнинг оёғи остига келиб тушди. Бу вақтда «Ал-Аҳли» дарвозабони Убайд Муҳаммад дарвоза майдонининг тупроқли жойида тўлғониб ётарди. Ёсир 7 метрли бўм-бўш дарвозани нишонга ололмади ёки олгиси келмади.

Хуллас, унинг ўзи ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг учинчиси ўтиб бораётганда яна катта саҳнага чиқди. Ҳужумни қайтарган «Ал-Аҳли» футболчилари қарши ҳужумга ўтаётган пайтда уларнинг жарима майдони ичида Ёсир тўпсиз кетаётган рақиб футболчиларидан бирини ўхшатиб тепди. Эвазига атрофини зумда ўраб олган дубайликлардан бир-икки мушт ва ҳакамдан қизил карточкани қабул қилиб олди.

Энди у «Саба» қарши сафардаги учрашувда майдонга тушмайди. У энди Ар-Риёддан чиқмасдан «Пахтакор»га қарши куч тўплайди. Ишонмайсизми? Унда нега тинчгина кетаётган футболчини тепади?! Биз эса Ёсирсиз анча бўлакча ўйин кўрсатадиган «Ал-Ҳилол»ни Қумда форслар яхшилаб қумга юмалатишларини кутиб қоламиз.

 

«ПАХТАКОР» (Тошкент) — «САБА БАТТЕРИ» (Қум, Эрон) 2:1 (1:1)

Голлар: Одил Аҳмедов (35-пенальтидан), Станислав Андреев (48) — Муҳаммад Нурий (5).

Огоҳлантиришлар: Одил Аҳмедов (13), Фарҳод Тожиев (45) — Фаридун Фазлий (37), Одил Кўлоҳкаж (45+1), Муҳсин Баёт (50).

«ПАХТАКОР»: Игнатий Нестеров, Боян Миладинович, Асрор Алиқулов, Анзур Исмоилов, Илҳом Суюнов, Дарко Маркович, Одил Аҳмедов, Станислав Андреев, Дилшод Шарофетдинов (Шерзод Каримов - 46), Александр Гейнрих (Садриддин Абдуллаев - 75), Фарҳод Тожиев (Зайниддин Тожиев - 59).

«САБА БАТТЕРИ»: Алмир Толя (Эршод Юсуфий - 46), Муртазо Коший, Муҳаммад Ҳамранг, Муҳсин Баёт, Одил Кўлоҳкаж, Муҳаммад Нурий, Фаридун Фазлий, Мустафо Маҳдизода (Ҳамид Сарабаданий 65), Амирҳуссайн Фешангчи, Муртазо Асадий, Ғуломризо Ризоий (Али Амирий 83).

Бош ҳакам: Грин Питер Даниэль (Австралия)

Тошкент. "Пахтакор". 17000 томошабин.

 

«АЛ-АҲЛИ» (Дубай) — «Ал-ҲИЛОЛ» (Ар-Риёд) 1:3 (1:1)
Голлар:
Муҳаммад Қосим (5) — Тариқ Ат-Тойиб (32), Мирел Радои (53-пенальтидан), Ёсир ал-Қаҳтоний (65)
Четлатиш: Ёсир ал-Қаҳтоний (90+3)

ТУРНИР ЖАДВАЛИ

«А» ГУРУҲИ Ў Ю Д М Т-Н О
1. ПАХТАКОР 4 3 1 0 7-3 10
2. Ал-ҲИЛОЛ 4 2 2 0 7-4 8
3. САБА БАТТЕРИ 4 0 2 2 2-5 2
4. Ал-АҲЛИ 4 0 1 3 3-7 1

 

«С» ГУРУҲИ: «ИСТИҚЛОЛ»НИ НИМА ЖИН УРДИ?

Бу гуруҳдаги бугунги ҳар иккала ўйинда бир хил ҳисобдаги дуранг қайд этилди. Жамоалар ўзларини бир мартадан имкониятларини ишга солишди. Ўйинлар худди бир хил сценарий асосида ўтгандек гўё. 1 бўлимнинг 40-дақиқаларида мезбонлар ҳисобни очишган бўлса, иккинчи бўлимнинг 70-дақиқаларида меҳмонлар жавоб тўпларини киритишди.

Назарий жиҳатдан олиб қараганда Эрон ва БАА вакилларида ҳали ҳам имкон бордек. Лекин ушбу гуруҳда қуръа ташлаш маросимида фаворит деб аталган «Истиқлол»нинг сўнгги поғонани эгаллаб тургани кишини ҳайратга солади. Қатар жамоалари эса худди Ўзбекистон клубларидек 2 та ўрин нохолис тақсимланганини тасдиқлашда давом этишмоқда.

 

«ИСТИҚЛОЛ» (Теҳрон) — «УММ САЛАЛ» (Қатар) 1:1 (1:0)
Голлар:
Араш Бурҳоний (44) — Сауд Ғаним (70)

«АЛ-ИТТИҲОД» (Жидда) — «АЛ-ЖАЗИЙРА» (Абу-Заби) 1:1 (1:0)
Голлар:
Усома ал-Муваллад (41) — Фернандо Байану (71)

ТУРНИР ЖАДВАЛИ

«С» ГУРУҲИ Ў Ю Д М Т-Н О
1. АЛ-ИТТИҲОД 4 2 2 0 6-3 8
2. УММ САЛАЛ 4 2 1 1 4-4 7
3. Ал-ЖАЗИЙРА 4 0 3 1 2-3 3
4. ИСТИҚЛОЛ 4 0 2 2 3-5 2

 

«Е» ГУРУҲИ: МЕҲМОНЛАРГА АТАЛГАН ТУР

Ушбу гуруҳда меҳмонда тўп сурган Жанубий Корея ва Япония клублари минимал ҳисобда ғалабани илиб кетишди. Турнир жадвалидаги ўринлар ҳам шунга монанд тақсимланиб турибди. Куннинг яна бир эътиборли жиҳати — бу йилга плей-офф баҳсларида Австралия вакилини кўрмайдиганга ўхшаяпмиз! Қайдасан, «Аделаида?»

 

«БЕЙЦЗИНГ ГУОАН» (Пекин, Хитой) — «УЛЬСАН ХЁНДЭ» (Ж.Корея) 0:1 (0:0)
Гол:
О Чжанг Юн (73)

«НЬЮКСЛ ЖЕТС» (Австралия) — «НАГОЯ ГРЭМПУС» (Япония) 0:1 (0:0)
Гол:
Йошицуми Огава (56)

ТУРНИР ЖАДВАЛИ

«Е» ГУРУҲИ Ў Ю Д М Т-Н О
1. НАГОЯ ГРЭМПУС 4 2 2 0 5-2 8
2. УЛЬСАН ХЁНДЭ 4 2 0 2 3-5 6
3. БЕЙЦЗИНГ ГУОАН 4 1 1 2 2-2 4
4. НЬЮКАСЛ ЖЕТС 4 1 1 2 3-4 4

 

«G» ГУРУҲИ: «КАСИМА» ҲАМ НИМЧОРАКДА!

Япон клублари Шарқий минтақада мутлақ яккаҳокимликни ўрнатишган. Тўрт клуб тўрт гуруҳда биринчи ўринда бормоқда. Уларни асосан Корейс клублари таъқиб қилаётганини эътиборга олсак, 1/8 финалда «самурайлар» Жумонг жиянларини «қирпичоқ»дан ўтказишади — Кун чиқар юртда. Мана, ушбу гуруҳда «Касима Антлерс» худди бизнинг «Пахтакор» сингари кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилиб қўйишди. Сингапурнинг «Армед Форсиз» клуби эса БААнинг «Аш-Шаржа» ва «Ал-Аҳли» клублари сингари кейинги икки учрашувда фақат тажриба тўплаш мақсадида майдонга тушадиган бўлди.

 

«КАСИМА АНТЛЕРС» (Япония) — «АРМЕД ФОРСИЗ» (Сингапур) 5:0 (2:0)
Голлар:
Такуя Нозава (10), Шинжо Короки (37, 73), Мицуо Огасавара (50), Юя Осако (53)

«СУВОН БЛЮУИНГЗ» (Ж.Корея) — «ШАНХАЙ ШЕНХУА» (Хитой) 2:1 (2:1)
Голлар:
Санг Хо Ли (41), Бэ Ки Жонг (45) — Янко Валканов (12)

ТУРНИР ЖАДВАЛИ

«G» ГУРУҲИ Ў Ю Д М Т-Н О
1. КАСИМА АНТЛЕРС 4 3 0 1 12-5 9
2. СУВОН БЛЮУИНГЗ 4 3 0 1 9-4 9
3. ШАНХАЙ ШЕНХУА 4 2 0 2 7-6 6
4. АРМЕД ФОРСИЗ 4 0 0 4 2-15 0

Манба: www.uff.uz

Просмотров: 1088 | Добавил: Admin | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 1
1 Bekzod  
1
GAP yuq saytga xam yangilikga ham

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]