
Пахтакор" ОЧЛнинг навбатдаги 5-турида БААнинг "Ал Аҳли" клубини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. "А" гуруҳининг нариги учрашувида эса Саудиянинг "Ал Ҳилол"и сафарда "Сабои Қум"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳдаги пешқадамлик учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Ўйин кутилганидек, “Пахтакор” жамоасининг яққол устунлигида бошланди. Жалилов “Насаф” жамоасига қарши туширган таркибини ўзгартирмади ва яна ака-ука Тожиевларнинг ҳужумдаги тандемига гувоҳ бўлдик. Барча имкониятдан аллақочон маҳрум бўлган “Ал Аҳли” эса бир нечта асосий ўйинчиларисиз ўйнади ва Гашек олдин ҳам айтиб ўтганидек, ёшларга кўпроқ эътибор қаратди.
Дастлабки хавфли вазият Фарҳоднинг боши билан берган зарбасидан сўнг юзага келди. Тўп дарвоза устунининг ёнгинасидан ўтиб кетди. Бироз ўтиб эса Шерзод Каримовнинг қийин вазиятда берган зарбасини дарвозабон қийинчилик билан қайтариб қолди.
Бундан ташқари, тошкентликларнинг чап қанот ярим ҳимоячиси Андреев кўп вазиятларда Шерзод Каримов билан қанот алмашиб ўйнаши рақибни бироз довдиратди. Айнан Стаснинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпидан сўнг “Пахтакор” ҳисобни очди. Зайниддин Тожиев боши билан дарвозани ишғол этиб, ўзининг Осиё Чемпионлар Лигасидаги 12-голини киритди ва барча йиллардаги тўпурарлар Анваржон Солиев, кореялик Ан Джун Хван ва Ким Дон Хунларгага етиб олди.
Иккинчи бўлимда Александр Гейнрих майдонга тушди. “Пахтакор”нинг ОЧЛ да киритган барча голларида иштирок этган Саша ниҳоят ўзининг голлари сонини ҳам очиб олди. Унгача Одил Аҳмедовнинг зарбаси устунга тегиб қайтганди, мезбонлар ҳужумни давом эттирдилар ва аввалига Зайниддин Тожиев, кейин эса Андреев берган зарбаларни дарвозабон қайтарди, тўпга ҳимоячилардан олдин етиб келган Гейнрих эса кучли зарба билан ҳисобни оширди – 2:0
Шундан сўнг ҳам “Пахтакор” тинмай ҳужум қилиб турди, Маркович ва Суюновларнинг узоқ масофадан берган зарбалари анча хавфли чиқди.
Меҳмонлар бутун учрашув давомида атиги икки марта чинакамига хавфли ҳужум қила олишди холос. Иккаласи ҳам биринчи бўлимда. Иккаласи ҳам бурчак тўпи билан тугади. Қизиғи, биринчисида араблар бурчак тўпини тепиш хуқуқини қўлга киритишган бўлса, иккинчисида тошкентликлар бу имкониятга эга бўлишди. Биринчисида ажойиб зарбани ўзининг ажойиб сейви билан Нестеров қайтарган бўлса, иккинчисида дарвозабон тўпга ўз вақтида чиқиб ҳавфни бартараф этди ва тезлик билан тўпни ҳужумга, Тожиевга етказиб берди. Араблар тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборишга мажбур бўлдилар.
Керакли ҳисобга эришилгач Жалилов Аҳмедов ва Каримовларга дам олишлари учун шароит яратди. Уларнинг ўрнига Алиқулов ва Иномовлар майдонга тушдилар. Барчаси кўнгилдагидек тугаётган паллада эса Суюнов йўқ жойдан қизил карточка ишлаб олди. Андреевга ишлатилган қўполликдан сўнг югзага келган ўзига хос “разборка” оқибатида Илҳом аввал огоҳлантирилди, таъсир қилмагач, майдондан чиқариб юборилди. Саудия Арабистонида ўтадиган ўта зарур ўйин олдидан бу йўқотиш ўз таъсирини ўтказмаслигига ишонгимиз келади.
Ҳа, ўта зарур. “Ал Ҳилол”нинг сафардаги ғалабасидан сўнг, ҳаммаси оддий кўринган ушбу гуруҳнинг ғолиби сўнгги турда маълум бўладиган бўлиб турибди. Ушбу беллашувда пахтакорчиларни дуранг ҳам қаноатлантиришини ва вакилларимиз бундай учрашувларда, одатда яхши натижага эриша олишларини эътиборга олсак, ижобий натижага ишонгимиз келади.
Зеро, ушбу гуруҳнинг 2-жамоаси нимчорак финални кеча кўрганимиз – “Ал Иттифоқ” қа қарши сафарда ўтказади. У ерда ғалаба учун ўйнашдан кўра, “Ал Ҳилол”да дурангга эришиш осонроқ, назаримда.
"ПАХТАКОР" - "АЛ АҲЛИ" - 2:0
Голлар: З.Тожиев, 39, А.Гейнрих, 58
"САБОИ ҚУМ" - "АЛ ҲИЛОЛ" - 0:1
Гол: Ториқ ал Тойиб, 42