MENU

16:53:37
КИМ ҚАНДАЙ ФИКРДА?

Эртага сайёрамизнинг бир қатор стадионларида ЖЧ-2010 саралаш учрашувлари ўтказилади. Осиё минтақасида ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ўйинлар бўлиб ўтади. Жумладан, яхши ниятлар билан ЖАРга отлангану, лекин «жар» ёқасига келиб қолган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида Япония термасини қабул қилади.

Бўлажак ўйинга ҳар икки жамоа турлича тайёргарлик кўрди. Миржалол Қосимов Босния ва Герцеговина терма жамоасига қарши ўтказилган назорат учрашуви билан чегараланган бўлса, кунчиқар юрт вакиллари анъанавий «Kirin Cup» турнирида ғолиб чиқишди. Чили ва Бельгия терма жамоалари «самурайлар» томонидан тиз чўктирилди. Балки, бу ўйинлар орқали терма жамоаларнинг имкониятлари, нималарга қодир эканликларини аниқлаб бўлмас. Лекин тан олиш керакки, японларнинг айни пайтда «чўққига» чиққан вақти ва улар масалага жиддий ёндашишмоқда. Хўш, катта футболда кўпни кўрган мутахассисларимиз бўлажак ўйин ҳақида қандай фикрдалар?

Вадим АБРАМОВ, терма жамоа менежери:

- Япония терма жамоасига ортиқча таъриф беришнинг ҳожати бўлмаса керак. Зеро, улар томонидан Бельгия ва Чили терма жамоаларининг бир хил - 4:0 ҳисобида мағлуб этилиши кўп нарсадан дарак беради. Лекин рақиб жамоанинг бу муваффақияти учун олдиндан қўлни тушириш лозим эмас. Буни мураббийлар штаби, футболчилар бирдек англаб туришибди. Йигитлар майдонга фақат ғалаба учун тушишади. Бунинг учун машғулотларга жиддий эътибор қаратилди. Биринчи даврадаги учрашувда биз ғалабага яқин эдик. Ўйинда биринчи бўлиб ҳисобни очгандик. Нима учун ўз мухлисларимиз кўз ўнгида, уларнинг олқишлар ёрдамида ўшандай ўйин кўрсата олмаслигимиз керак. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади. Босния ва Герцеговина терма жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида йигитларни яна бир бор синовдан ўтказдик. Бу ўйин бизга керакмиди? Назаримда, ҳа. Терма жамоага номзод футболчиларни мана шундай халқаро ўйинларда синаб кўриш зарур. Кучли жамоаларга қарши ўйинларда футболчининг маҳорати кўзга ташланади. Бу ўйинни бевосита стадионда Япониядан келган жуда кўп «айғоқчилар» кузатишди. Шу боисдан ҳам бироз «ёпиқ« ўйин намойиш қилинди. Ҳамма сирларни очиб ташлаш бизга фойдадан кўра, зарар келтириши мумкин эди. Босниядан ташқари бизнинг ихтиёримизда яна бир нечта терма жамоалар билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш варианти бор эди. Уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиқиб, Босния номзодида тўхталдик ва назаримда танловда адашмадик. Қолганлари айнан қайси жамоалар эди, ҳозир буни айтишимдан фойда йўқ. Хуллас, барча қатори мен ҳам шанба оқшомида ижобий натижага умид қилиб қоламан.

Виктор ЖАЛИЛОВ, «Пахтакор» бош мураббийи:

- Япония терма билан сафарда дуранг ўйнадик. Демак, бу жамоа билан ўйиндан яхши натижа кутсак бўлади. Футболчиларимизнинг ўз мухлислари кўз ўнгида тўп суришларини инобатга олганда, шахсан мен имкониятларимизни юқори баҳолайман. Муҳими, шу куни омад футболчиларимиздан юз ўгирмаса бўлгани. Александр Гейнрихнинг яна терма жамоа сафига қайтгани мени хурсанд қилди. Энди Сашага катта масъулият юкланади. Ўз ўрнида у вазифани уддалашга бор кучини сарфлайди. Босния ва Герцеговина билан ўтказилган ўртоқлик учрашувини кўрдим. Агар шу куни европаликлар ҳимоявий ўйин намойиш этмаганларида, учрашув янада жозибалироқ кўриниш олган бўларди. Ҳозирги таркибда истеъдодли футболчилар жам бўлишган. Халқ уларга ишонмоқда. Ўйлайманки, йигитлар бу ишончни албатта, оқлашади. Насиб қилса, шанба куни «Пахтакор» марказий стадионида терма жамоамизни биргаликда қўллаб-қувватлаймиз.

Юрий САРКИСЯН, «Нефтчи» бош мураббийи:

- Агар ишонч бўлмаса, исталган соҳани олинг, ишлашнинг фойдаси йўқ. Майдонга тушдингми, ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш лозим. Тамом-вассалом. Мени футбол тарбиялади. У орқали шу даражага эришдим. Агар бу жозибакор ўйин бўлмаганида, билмадим, ҳозир нима қилаётган бўлардим? Ниятим, тилагим - терма жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз ишига профессионалларча, юракдан ёндашсин. Акс ҳолда натижа бўлмайди. Мен Миржалолни аввал яхши футболчи сифатида тан олганман, ҳозир яхши мураббий сифатида ҳурмат қиламан. Лекин унинг олиб бораётган ишига баҳо беролмайман. Чунки, бу менинг вазифамга кирмайди. Бош мураббийнинг ўзига қўйиб бериш керак. Хуллас, терма жамоамизга шанба кунги ўйинда омад тилайман.
Просмотров: 1074 | Добавил: Admin | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]